NURATOGI
#1
Жиззахда автомобиль заводи қурилиши нега тўхтаб қолди? Вақтида битмаган навбатдаги лойиҳа ва «Ўзавтосаноат»нинг мавҳум изоҳи
Ўзбекистон 16:30 / 22.12.2018
68319
Ўзбекистонда Peugeot ва Citroen автомобиллари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиши ҳақидаги илк хабар 2017 йил майида пайдо бўлганди . Ўша йилнинг 16 май куни «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти Франциянинг «Peugeot Citroen Automobiles S.А» компанияси билан масъулияти чекланган жамият шаклида, устав жамғармаси, эквиваленти 29,3 млн евро миқдоридаги «Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive» қўшма корхонасини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланганини маълум қилганди.
Кўп ўтмасдан, 2017 йилнинг 13 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев «Хорижий инвестициялар иштирокидаги «Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive» корхонасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорини имзолади.
Қарорда «Жиззах» эркин индустриал зона ҳудудида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш объектларини қуриш учун «Ўзавтосаноат»га 45 гектар ер майдони ажратиш¸ лойиҳа иштирокчилари бўлган, заводни қуришга тендерсиз танланган «Avtosanoat-Injiniring» МЧЖ, «Ўзоғирсаноатлойиҳа» АЖ, «12-трест» МЧЖ ҳамда «Ўзавтосаноат»га қатор солиқ (қурилиш даврида ишлар ҳажми ва хизматлар бўйича қўшимча қиймат солиғидан озод этиш) ва божхона имтиëзлари тақдим этилганди.
Умумий қиймати 133,3 млн еврога тенг деб эълон қилинган «Ўзбекистонда енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш» инвестиция лойиҳаси бўйича 2017 йилнинг июлида Шароф Рашидов туманидаги «Жиззах» эркин иқтисодий ҳудудида завод қурилиши бошланди (Дастлаб қурилиш ишларини 2019 йилнинг бошида якунлаш режалаштирилганди, кейинроқ президент топшириғига кўра қурилиш ишларининг охирги муддати сифатида 2018 йилнинг 10 декабри белгиланди).
Лойиҳа бўйича, қўшма корхонада йилига 16 минг дона йўловчилар ва юкларни ташишга мўлжалланган енгил тижорат автомобиллари (13 минг дона Peugeot Expert ва 3 минг дона Peugeot Boxer енгил тижорий автомобиллари) ишлаб чиқариш кўзда тутилганди.
Бу лойиҳа ҳақида кейинги бир йил давомида бот-бот материаллар берилди. Сайтларда «Peugeot» сўзи қидирувга берилганда шундай хабарлар чиқиб келади: «Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive 2019 йилда маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлайди» , «Франция ОАВ Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive қўшма корхонаси яратилишини юқори баҳолади» , «Жиззахда қурилаётган янги автомобиль заводи 2019 йилдан маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлайди» , «Peugeot Citroen Automotive ва Жиззах политехника институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди» , «Ўзбекистонда йўналишли Damas’лар ўрнини Peugeot’лар эгаллайди» , «Peugeot Expert ва Peugeot Boxer автомобиллари 2019 йилдан бошлаб «Made in Uzbekistan» белгиси остида чиқади» , «Жиззах автомобиль заводи шу йил қуриб битказилади» (2018 йилги хабар ), «Жиззахда Peugeot-Citroen заводи муддатидан олдин ишга туширилади» ...
Лекин завод 2018 йил охиригача қуриб битказилмайдиган, унда 2019 йилнинг бошидан автомобиллар ишлаб чиқарилиши бошланмайдиган бўлди.
Бу вақтда эса хориж нашрларида француз томони ушбу лойиҳа келажагига шубҳа билдириб, уни тўхтатишни истаётгани, маблағ масаласида муаммолар юзага келгани туфайли ишлар тўхтаб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Kun.uz мухбири 10 декабрдан кейин завод ҳудудида бўлди ва вазиятни ўрганди. Белгиланган муддатга келиб завод ҳудудида белгиланган иш ҳажмининг 50 фоизи ҳам бажарилмаганди. Маълум бўлишича, ҳудудда қурилиш ишлари шу йилнинг ноябрь ойидаёқ тўхтаб қолган. Ишлар яқин вақтларда яна бошланишидан ҳам дарак йўқ.
Айни вақтда қурилиш-монтаж ишлари тўхтаган, 500 нафардан зиёд ишчи ва қурувчилар билан иш бошланган корхона ҳовлисида 30 нафарга яқин ишчи қолган.
Қурилиш ишлари пудратчиси бўлган «12-трест» муҳандиси Рустам Аллаберганов Kun.uz мухбири саволларига жавоб қайтарди.
«Заводда иш тўхтаб қолгани йўқ. Ишчилар камлиги рост. Сабаби бизда бундан ташқари яна бошқа объектлар ҳам бор, шу боис барча ишчиларни Тошкентдаги турли қурилиш ишларига жалб қилганмиз. У ерда қурилиш объектлари ўта муҳим бўлгани боис барча ишчилар кетишган. Бу ерда ҳам иш кетяпти, янги йилдан кейин келсангиз, саволларингизга тўлиқ жавоб топасиз», демоқда у.
Завод техник назоратчиси Шавкат Абдукаримовнинг жавоби эса вазиятга бироз ойдинлик киритди: «... иш тўхтадими, билингки маблағ йўқ. Ишчиларнинг кўпи ойлик маошини ололмагани учун иш ўринларини тарк этиб кетишди. Тўғри, қарор бўйича завод январь ойидан енгил автомобилларни ишлаб чиқаришни бошлаши керак эди. Яширишнинг ҳожати йўқ, кўриб турганингиздек, бу ерда ҳали-бери иш бошланмаса керак. Завод май ойига бориб ишга тушса ҳам катта гап. Уни буни қўйинг, мен сизга айтсам, ушбу автомобиль заводи лойиҳаси охиригача етказилмаган. Айтганча, қурилиш ишлари тўхтаб қолишига яна бир сабаб бор. Гап шундаки, қарорда белгиланганидек енгил автомашиналарни ишлаб чиқарувчи барча технологиялар энг янги русумда бўлиши шарт қилиб белгиланган. Аммо бу заводга келтирилаётган технологиялар анча эски русумдалиги маълум бўлиб қолди. Гапираман деса, гап кўп. Юқорида айтганимдек, барча масала маблағга бориб тақалади. Шу ерга ишлатилган кўпгина қурилиш материллари ҳам қарзга келтирилган. Ниятни яхши қиламиз албатта. Яхши ният- ярим мол. Катталар 2019 йил январь ойидан яна қурилиш ишлари бошланади, дейишяпти. Бошланса ажаб эмас...».
Катта шов-шувлар ва умидлар билан бошланган лойиҳа вақтида амалга ошмади. Президент топшириғи ўз вақтида бажарилмади.
19 декабрь куни «Ўзавтосаноат» завод қурилиши тўхтаб қолгани юзасидан расман изоҳ берди ва Жиззахда автозавод қуриш лойиҳаси концепцияси ўзгартирилиши маълум қилинди.
Компания хабарида «ҳозирда объектда қурилиш-монтаж ишлари якунига етаётгани» айтилган. Ҳолбуки, юқорида Kun.uz мухбири қурилиш-монтаж ишлари тўхтагани ҳақида маълумот берганди.
«Технологик ва муҳандислик жиҳозлари етказиб берилиши бўйича тегишли контрактлар тузилган. Шу билан бирга, бошланғич маълумотлардаги баъзи кўзда тутилмаган ўзгаришлар муносабати билан, шериклар лойиҳа концепциясини ўзгартириш ва иқтисодий параметрларни оптималлаштириш устида ҳамкорликда ишламоқда. Лойиҳанинг келгуси бориши ҳақида қўшимча равишда маълум қилинади», дейилади хабарда.
Ўз навбатида қўшма корхонанинг иккинчи томони - PSA Groupe корпорацияси матбуот хизмати ҳам Ўзбекистондаги лойиҳа тақдири бўйича саволга жавоб берган ва бу лойиҳа сақланиб қолинаётгани, бу борада ишлар давом этаётганини маълум қилган.
Бунгача ОАВда «французлар киритилажак инвестиция қайтишига шубҳа билан қарай бошлашгани, Peugeot бренди билан завод очиш учун кафолат пули сўралаётгани, кафолат масаласи ҳал қилинмаса, бу режа йўққа чиқиши» ҳақида хабарлар тарқалганди.
Қайд этиш жоизки, бу Ўзбекистондаги белгиланган муддатда тайёр бўлмайдиган ягона йирик лойиҳа эмас.
Аввалига Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги (Чимён) «Амирсой» номли замонавий тоғ-чанғи курортининг биринчи навбати ваъда қилинганидек, 15 декабрь куни фойдаланишга топширилмади. Туризмни ривожлантириш қўмитаси бу кечикиш бўйича изоҳ бериб, «юзага келган мураккабликлар» сабабли ўриндиқли дор йўли ҳам (канат), кабинали дор йўли ҳам фойдаланишга топширишнинг имкони бўлмагани, ўриндиқли дор йўлини 2019 йил январидан аввал ишга тушириб бўлмаслигини, кабиналисини ишга тушириш учун 2019 йил охиригача кутиш кераклигини тушунтиришди.
«Қайд этиш муҳимки, курортнинг ишга тушиши об-ҳаво шароитларига бевосита боғлиқ. Чанғи учиш учун эса етарли миқдорда қор қоплами зарур», дея қўшимча қилинган Туризм қўмитаси
хабарида .
Тошкентдаги «Humo Arena» муз саройи ҳам белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмайдиган бўлди. Бу лойиҳа ҳам кечиккани расман тан олинмади, лекин Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати 2019 йилнинг мартигача шаҳарнинг Бешёғоч кўчаси бўйлаб ҳаракатланиш чекланиши ҳақида берган хабаридан буни англаб олиш қийин эмасди.
Қолаверса, 2017 йил апрелида тамал тоши
қўйилган Жиззахдаги нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши ҳам кечикиши маълум бўлиб улгурган, 2022 йилда фойдаланишга топширилиши белгиланган лойиҳа бўйича олиб борилаётган ишлар бир йилга тўхтатилган (қиймати 2,2 миллиард доллар бўлган лойиҳа йилига 5 миллион тонна нефть хомашёсини қайта ишлаш имконини бериши кўзда тутилганди).
Кутиш керак бўлган навбатдаги муддатлар ҳам аниқ эмас. Бундай ҳолатлар ягона эмаслиги ташвишланарли. Ҳали яна қанча лойиҳа белгиланган муддатда битмаслиги ёки чала қолиши номаълум.
Яна Жиззахдаги завод лойиҳасига қайтамиз. «Ўзавтосаноат» изоҳи нега бу қадар мавҳум? Изоҳда нега «12-трест»нинг ишсиз қолган ишчилари тақдири ҳақида битта ҳам сўз йўқ. Нега завод техник назоратчиси айтганидек, маблағ тугаб қолгани ҳақида лом-мим дейилмаган? Изоҳда нега завод қурилиш ишлари қачон тикланиши ҳақида маълумот мавжуд эмас?
Французлар билан муносабатлар бўйича ҳам яна бир қатор саволлар очиқ қолмоқда. Ҳамкорлар ростдан ҳам кафолат сўрамоқдами? Заводга ростдан ҳам эски технологияларни олиб киришга уриниш бўлдими? Ёки «Ўзавтосаноат» бундай маълумотлардан бехабармиди?

Kunduzi: 15°C

20 Apr 2024 yil
Joylashuv aniqlanmadi