Ҳақиқат йўли тўғрисидаги тафаккур (1)
sobirjonovv
#1


XX аср дунё адабиётининг забардаст вакилларидан бири Франц Кафка 1883 йил 3 июлда Австрияда таваллуд топди. Унинг “Жараён”, “Қаср”, “Америка”, “Эврилиш”, “Ҳукм” каби қатор асарлари дунё китобхонларига яхши таниш. Кафканинг турфа хил жумбоқларга бой асарларини ўқиб, тадқиқ этганимиз сайин, унинг бадиий олами янги-янги қирралари билан бизни ҳайратга солаверади. Қуйида ҳавола этаётганларимиз ҳам сизни албатта қизиқтиради, деб ўйлаймиз, зеро – уларда ҳаётнинг ғоят чуқур ва мураккаб нуқталарига фикран етиб борган адиб турмушнинг турфа хил зиддиятли вазиятларини фалсафий мушоҳадалар шаклидаги афористик ибораларда ифодалашга ҳаракат қилган.

* * *

* Ҳақиқат йўли ернинг устидан бироз баландликда тортилган арқон бўйлаб ўтади. У унда юришдан кўра кўпроқ у тўғрида хаёл суришга мўлжалланганга ўхшайди.

* Қарашларнинг хилма-хиллиги қандай бўлиши мумкин, масалан, олмага нисбатан дейлик: стол устидаги олмага бир бор кўриш илинжида бўйнини чўзаётган болакайнинг қараши қандай ва ҳеч бир малол чекмай, олмани олиб, уни илҳақ бўлиб турган болакайга узатаётган уй эгасининг қараши қандай?

* Агар сен қалб амринг ила тўғри йўлдан кетаётган ва ҳаётингдаги жамики кечмишлар ортда қолган бўлса, унда ҳаммаси ўтмиш қаърига кириб йўқ бўлиб кетармиди; аммо бу “қилкўприк”дан ўтаётганингда сен унга осилтириб қўйилганга ўхшайсан, унда қадамлар фақатгина ернинг амрига кўра ташланган бўлиши мумкин ва ортга қайтишингнинг имкони қолмайди.

* Куз йўлига бир назар ташланг: ҳозиргина ундаги хазонларни супуриб ташлашди, у эса яна қуриган барглар билан қопланди.

* Қафас қуш излагани кетди.

* Ўзингда диёнат эмас, ёвузлик устун деган тасаввур уйғонишига йўл қўйма.

* Қўл тошни маҳкам сиқиб олган. Тошни узоққа отиш учун ҳам қўл уни маҳкам сиқиб олади. Лекин йўл тошнинг бориб тушиш жойига эмас, балки ўз манзилига олиб боради.

* Ҳақиқий душман олдида сенда чексиз мардлик пайдо бўлади.

* Дунёда қандай қилиб шодланиш мумкин? Башарти фақат сен унинг ичига қочиб кирсанг.

* Сени ёвузлик сари ундаётган ёт фикрлар – бу сенинг фикрларинг эмас, балки ёвузликникидир.

* Ҳайвонлар ўз эгаларининг қафасидан чиқиб, ўзларини хўжайин деб ҳис этмоқни истайдилар, лекин улар бу ўйин фақат эгаларининг янги қафасни қуриб битказгунича ўйлаб чиққан бир ҳийла эканини билмайдилар.

* Яхшилик, қайсидир маънода, миннатли ҳамдир.

* Қарғалар фақат қарғагина осмонни йўқ қилишга қодир деб биладилар. Аммо осмоннинг – бу осмон, қарғанинг – қарға экани ҳаммага ҳам маълум-ку!

* Илгарилари мен бир нарсани сира тушунмас эдим: одамлар ўз саволларига нега жавоб олишолмайди? Энди эса сўраш мумкинлигини ўйлаб, ўзим ҳайрон қоламан. Бундоқ ўйлаб қарасам, мен илгарилари ўйламас эканман, фақат сўрар эканман.

* Бошни қуйи эгиш – бу чексиз нафрат ва жирканиш аломатидир.

* Тараққиётга ишониш тараққиётга эришилганига ишониш дегани эмас. Йўқса бу ишонч деб аталмаган бўлур эди.

* Инсон ўзидаги барҳам топмайдиган қандайдир бир нарсага доимо ишониб яшайди, негаки у барҳам топмайди ва бу ишонч унинг учун узоқ вақт махфий қолиши ҳам мумкин. Бу махфийликнинг кўринишларидан бири – илоҳиётга бўлган ишончдир.

* Кучли бир ёруғлик билан бутун оламни мунаввар этиш мумкин. Кўриши кучсиз бўлган кўзларни у қамаштира бошлайди, ундан ҳам кучсиз бўлган кўзлар олдида унда муштлар пайдо бўлади ва унга қиё боқишни истамаганларни маҳв эта бошлайди.

* Биз шунчаки жавоб беролмайдиган саволлар бор, шукрки табиатнинг ўзи жавоб беришдек машаққатни бўйнимиздан соқит қилди.

* Ҳиссиёт оламидан ташқаридаги барча нарсаларни тил фақат ишора қилиш билангина изҳор эта олади, аммо унга энг яқин бўлган ифодани айта олмайди, чунки тил ҳиссиёт оламига мувофиқ ҳолда фақат бор бўлган моддиятлар ва улар билан боғлиқларнигина таъриф эта олади.

* Оёқ босиб ўтилмаган зинапоя аслида қуруқ оғочдир.

* Кимки дунёда ўз яқинини севса, бу дунёда фақат ўзинигина севадиган одамга қараганда катта ҳам, кичкина ҳам бўлмаган адолатсизликка йўл қўяди. Фақат бир савол қолади: биринчиси мумкинмикан?

* Бизнинг санъатимиз – бу ҳақиқат билан кўзларнинг қамашиши: фақат юзда нафрат аломати билан орқага тислангандаги нур ҳақиқатдир.

* Бахтга эришишнинг назарий жиҳатдан юз фоиз имконияти бор: ўзингда барҳам топмайдиган бир нарсага ишониш ва унга интилмаслик.

* Ўзингни одамийликда синаб кўр. Бу синов шубҳаланувчини шубҳаланишга, ишонувчини эса ишонишга ундайди.

* Одамлар билан мулоқотда бўлиш ўзингни англашингга олиб келади.

* Руҳ қачон жон бўлишдан тўхтаса, у озод қилинади.

* Биз жаннатда яшаш учун яратилган эдик, жаннат эса бизларга хизмат қилиш учун. Бизнинг ёзиғимиз ўзгартирилган эди, жаннатнинг ёзиғи ҳақида эса гапирилмайди.

* Ёвузликни худди қурол каби баъзан қўлга олиб турилади; у қаршилик кўрсатмасдан ўзининг бир чеккага олиб қўйилишига изн беради, агар бунга ирода етса.

* Гуноҳ доимо ошкора келади ва дарҳол билинади. У ўз илдизларига қайтиб кетади, шунинг учун ҳам уни ковлаб олиб бўлмайди.

Manba: ziyouz.uz

Kunduzi: 22°C

16 Jun 2024 yil
Joylashuv aniqlanmadi